Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков, вилоят ва туман сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик иштирок этишди.  Унда барчани “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга ҳамда “Кузги дарахт экиш мавсуми”да фаол қатнашишга чақирилди. 

Туман бўйича кейинги уч йил мобайнида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2 млн. 507 минг дона кўчатлар экилди. Жумладан, “Чуст гулзори” маҳалласи ҳудудида 22,7 гектар майдонга “Янги Ўзбекистон боғи” ташкил этилиб, 22 минг донадан зиёд манзарали кўчатлар экилди. Шунингдек, 1.5 гектар ер майдонида “яшил боғ” ва 0,7 гектар ер майдонда “Яшил жамоат парклари” ташкил этилди.

Сўнгги 5 йилда туманда 81 тага яқин кўп қаватли уйлар қурилиб, уларнинг атрофида 22 гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этилди.  

Жорий йилнинг баҳор мавсумида 816 минг дона манзарали, мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди. Бундан ташқари 100 минг тупдан зиёд ток, терак, тол ва павлония қаламчалари, 5 минг дона атиргул кўчатлари, 25 минг дона райҳон кўчатлари, 150 мингдан зиёд турли хил гул кўчатлари ўтқазилди ва “Yashilmakon. eko" электрон платформасида тасдиқланди.

Тадбирда яхши ниятлар билан жорий 2023 йил куз мавсумида 530 мингдан тупдан ортиқ кўчатлар экиш режалаштирилиб, экиш ишлари бошланди.