Варзик ҳудудидаги "Қалъаи Поён" маҳалласи болажонлари энди шинам, замонавий, марказ боғчаларидан қолишмайдиган мактабгача таълим ташкилотида таълим-тарбия олишади. Гузардаги 46-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш маросимида Чуст туман ҳокимининг ўринбосари Зухриддин Бойбоев, туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Дилфуза Ўринова, туман МТТБ мудири Баҳодир Сотимов ҳамда нуронийлар иштирок этишди. Сўз олганлар, бундай замонавий маскан ёш авлоднинг ҳар томонлама мукаммал таълим олишларида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Шу ўринда рақамлар таҳлилида кўриладиган бўлса: 2017 йилда Чуст туманида 46 та давлат мактабгача таълим ташкилотларига 4 минг 996 нафар болалар қамраб олиниб, ҳудуддаги болаларнинг 24%ни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб туманда жами мактабгача таълим ташкилотлари 264 тани ташкил этиб шундан, 63 та давлат, 2 та нодавлат, 1 давлат хусусий шерикчилик ҳамда 198 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига жами 17 минг 609 нафар болалар қамраб олинди ва бу ҳудуддаги 21 минг 961 нафар болаларнинг 80,3 %ни ташкил этади.Айтиш жоиз, туманда қамровнинг бу даражасига эришишда мактабгача таълимнинг янги муқобил шаклларини, шу жумладан нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ҳаётга кенг жорий этиш ҳисобига эришилмоқда. Айниқса, болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси паст бўлган ҳудудларда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини жорий этиш орқали болаларни мактабгача таълимга жалб этиш имкониятлари яратилмоқда. Ушбу мактабгача таълим ташкилотининг аввалги эски биноси 1956 йилда қурилган ва 70 ўринга мўлжалланган ва мослаштирилган бино эди. Бу ерда 5 та гуруҳда 115 нафар бола болаларга таълим тарбия беришда шарт шароитлар етарли бўлмаган. Бугун эса Муҳтарам Юртбошимизнинг мактабгача таълим тизимига алохида этиборлари натижасида сизлар кўриб турган замонавий типдаги болалар боғчаси биноси қад ростлади. Ушбу Қалъаи Поён МФЙда жойлашган 46-сонли мактабгача таълим ташкилоти “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида “Олтин водий к” хусусий корхонаси томонидан 3 млрд 491 млн 499 минг сўм бюджет маблағлари ҳисобидан мукаммал қайта қуриш хисобига 156 кунда қуриб битказилди. Бугун эса бу ерда 90 ўринли замонавий, барча қулайликларга эга 46-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилмоқда. Шу билан бирга мазкур мактабгача таълим ташкилоти 120 нафарга яқин 3-7 ёшли болаларни ўз бағрига қамраб олади.