Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков Россияда асос солинган “Siberian Wellness” халқаро компанияси бош директори Наталья Гермоновна Гороховская бошчилигидаги расмий делегацияни қабул қилди.

Мазкур учрашувда Наманган вилоятида “Siberian Wellness” компанияси билан ҳамкорликда мева-сабзавот кластерини ташкил этиш, хусусан, интенсив боғ, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, калибровка қилиш ҳамда замонавий музлатгич ташкил этиш бўйича имзоланган қиймати 60 млн.доллар бўлган лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувнинг амалий қисми жадаллик билан давом эттирилаётгани таъкидланди.

Ушбу йирик мега лойиҳа 2022-2023 йилларда тўлиқ амалга оширилиши, натижада эса мингга яқин юртдошларимизнинг бандлиги таъминланиши режалаштирилган.

- Биз 12 йилдирки Ўзбекистонда муваффақиятли ишлаб келмоқдамиз. Европадан келтирилган мева кўчатларимизнинг илк ҳосили бошқа жойдагиларга нисбатан ҳам маззали, ҳам сувли, ҳам чиройли эканини тан оламиз. Энг асосийси, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошлаб берган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик муҳити ижобий тарафга кескин ўзгаргани, биз инвесторлар юртингизда эркин фаолият олиб бораётганимиз эътиборга моликдир, - деди россиялик инвестор.

Асосан табиий йўналишда саломатлик, гўзалликни асраш, спорт ва соғломлаштиришни инновацион услублари билан танилган “Siberian Wellness” компанияси Наманганда замонавий интенсив боғлар яратиш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва Global GAP халқаро стандартлари сертификати асосида экспортни ривожлантириш фаолияти доирасида Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой ва Чуст туманларида юртдошларимиз томонидан етиштириладиган меваларни сақлаш, шарбат ишлаб чиқариш орқали халқимиз манфаатдорлигини оширишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, вилоят ҳокими РФ пойтахти Москва шаҳрида компания раҳбари билан ҳамкорлик шартномаси имзолаган эди (https://t.me/namvilhok/42502).