Барча тоифадаги давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш бўйича қонун лойиҳаси

Жорий йилнинг 22 майидан 6 июнигача Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқийҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси (https://regulation.gov.uz) порталида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамият муҳокамасига қўйилди. Шу давр ичида порталга қарийб 220 та таклиф ва изоҳ келиб тушди. Таъкидлаш лозимки,қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқларда катта резонанс уйғотди. 

11 июнь куни Адлия вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида қонун лойиҳасини ишлаб чиққан мутасадди давлат ташкилотлари мутахассислари таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтириб беришди. Шунингдек, фуқаролардан келиб тушган таклифларга ҳам эътибор қаратилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги масъул вакиллари иштирок этди. 

Мазкур қонун лойиҳаси давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш учун ҳуқуқий база яратиш мақсадида ишлаб чиқилгани қайд этилди. 

 “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги фармони билан мустаҳкамлаб қўйилган давлат фуқаролик хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари, шунингдек илғор хорижий тажриба, нуфузли халқаро ташкилотлар, миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган.  

Қонун лойиҳасининг 3-моддасида ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судьялардан ташқари барча Ўзбекистон Республикаси давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилиши белгилаб қўйилган. Дунё тажрибасига кўра,юқорида санаб ўтилган мансабдор шахслар фуқаролик хизматчиларига эмас, сиёсий хизматчилар тоифасига киради. 

Мутахассисларнинг фикрича, қонун лойиҳасида давлат хизматчиларининг қандайдир тоифаларини ўз даромади ва мулкини мажбурий равишда декларация қилиш тизимидан мустасно қилувчи нормалар мавжуд эмас. Лойиҳанинг 3-моддаси фақатгина унинг қўлланиш соҳасини белгилаб беради, чунки декларация қилиш билан бирга, лойиҳа давлат хизмати билан боғлиқ бошқа кенг кўламли масалаларни ҳам тартибга солади. Бироқ, бу ҳеч қанақасига мансабдор шахсларни маълум бир тоифасини мажбурий декларация тизими ёки давлат хизматининг бошқа умумий тамойилларидан чиқариб ташланишидан далолат бермайди. Бундан ташқари, лойиҳада Ҳукумат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, ҳокимларга нисбатан у бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинмаган қисмида амал қилиши кўзда тутилган.

Шу билан бир қаторда, давлат фуқаролик хизматини комплекс равишда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун, жумладан номзодларни мустақил равишда танлов асосида саралаб олиш, давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятини баҳолаш мезонлари ва унинг ваколатларини белгилаб берувчи тартиб-таомиллар, уларнинг малакасини оширишга қўйилган талаблар мавжуд эмас.

Дунё тажрибаси давлат хизматчилари даромади ва мулкини декларация қилиш билан боғлиқ масалалар алоҳида қонунчилик ҳужжатлари ёки коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ ҳужжатлар билан тартибга солинишини кўрсатмоқда. Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ давлат хизматчилари томонидан ўз даромад ва мулкини мажбурий равишда декларация қилиш тизимини изчил жорий этиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Тадбир давомида жамоатчилик фикри ва хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда агар бири иккинчисига тўғридан тўғри тобе ёки назорат остида бўлса яқин қариндошларнинг битта давлат ташкилотида лавозим эгаллашига имкон берувчи қоидалар қайта кўриб чиқилиши таъкидланди.

Manzil

161100, Chust shahri

Tel: (0-369) 42-33-741, 42-33-600

E-mail: chusttumhok@umail.uz

 

E'lonlar va tanlovlar

      Fotogalereya

      • 1.jpg
      • 2.jpg
      • IMG_20200312_161137_029.jpg